Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари иштирокида илк бор уч томонлама саммит ташкил этилади.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсаловнинг Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 58-сессиясида маълум қилишича, уч давлат етакчиси Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида жорий йил 31 март куни учрашишади.
Қирғизистон ҳукумати мулозими саммит минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини таъкидлаган.
Учрашув Бишкек ва Душанбе ўртасидаги кўп йиллик чегара зиддияти ҳал этилган вақтга тўғри келмоқда. Жорий йил 21 февраль куни Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ўзаро чегарани делимитация қилиш бўйича якуний протоколни имзолашганди.
Эдил Байсалов икки давлат чегара чизиғи борасида келишганини “дипломатия ва сиёсий ироданинг тарихий ғалабаси” деб атаган.
Хўжанд саммитида президентлар Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Сўнгги вақтларда минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро зиддиятдан мулоқот йўлига ўтгани кузатилмоқда.
Озодлик аввалроқ уч давлат бош вазирлари давлат чегаралари туташган нуқтада учрашиб, уч томонлама тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар қилганди.