Мирзиёев Путин билан Афғонистон шимолида юзага келган вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин 5 июль куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги аҳвол ёмонлашиши муносабати билан Марказий Осиёдаги вазият ривожини муҳокама қилишди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбарлари бу борада Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли идора ва ташкилотлари ўртасидаги мунтазам мулоқотларни давом эттиришга ва яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.

Сўнгги ҳафталарда Афғонистон шимолида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ҳаракати жангарилари ўртасида қуролли тўқнашувлар авж олиб, чегараолди туманларида вазият кескинлашиб бораётгани, АҚШ ҳукумати Марказий Осиёнинг уч давлати - Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан НАТО кучлари билан ҳамкорлик қилган, айни пайтда Толибондан қочишга уринаётган 9 мингга яқин афғонистонликни вақтинча ўз бағрига олишни сўрагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Душанба кунги мулоқот чоғида Мирзиёев билан Путин икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилишган, халқаро кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашишган.