Мирзиёев Сеулдаги фожиа муносабати билан кореялик ҳамкасбига таъзия билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳри марказида юз берган фожиа оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Хэллоун байрамини нишонлаш чоғида юзага келган тиқилинч оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 154 киши нобуд бўлган, 130 дан зиёд одам тан жароҳати олган.

Қурбонлардан 26 нафари хорижлик бўлиб, улар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Фожиа ортидан Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда бир ҳафталик мотам эълон қилган.