Мирзиёев уч кунлик расмий сафар билан Тожикистонга боради

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Э. Раҳмон билан, Душанбе, 2019 йил 14 июни (архив фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон таклифига биноан жорий йилнинг 10 июнидан 12 июнигача Душанбега расмий сафар билан боради. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари барча соҳалар бўйича Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқалар истиқболини муҳокама қиладилар.

Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари якунида Тошкент билан Душанбе ўртасида транспорт, энергетика, савдо-сотиқ, молия, қишлоқ хўжалиги, маданият ва фан соҳаларида шартномалар имзоланади.

Ташриф доирасида Душанбеда икки давлат санъаткорлари иштирокида “Дўстлик кечаси” номли қўшма концерт ўтказилиши ҳам режаланган.

Президент Мирзиёев Тожикистонга 2018 йил мартида давлат ташрифи билан борган, ўша йил сентябрида Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этган, сўнгра эса 2019 йил июнида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши саммитида қатнашган эди.