Мирзиёев ЕОИИ ва МДҲнинг онлайн саммитларида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 октябрь кунлари видеоконференцалоқа шаклида ўтказилажак Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитларида қатнашади.

Президент матбуот хизмати қайдича, пайшанба куни Ш. Мирзиёев ЕОИИ саммитида нутқ сўзлайди. Ўзбекистон кузатувчи мақомига эга бўлган бу ташкилотга Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон аъзо. Ҳозирда Қозоғистон раислик қилаётган ЕОИИ раҳбарлари саммитида Мирзиёев Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот билан амалий ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаши кутилмоқда.

Ўзбекистонга ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми 2020 йилнинг декабрь ойида берилган. Шу йил баҳорида эса Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси қабул қилинган.

15 октябрь куни эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг 30 йиллик юбилей мажлиси ўтказилади. Беларусь раислигида ўтказиладиган мазкур тадбирда Арманистон, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари қатнашиши айтилган.

Саммитда МДҲнинг 30 йиллик фаолиятидаги кўп томонлама ҳамкорлик якунлари, шунингдек, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, миграция, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги шерикликни янада кенгайтириш борасидаги қўшма режалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Ш. Мирзиёев мазкур тадбирда МДҲни ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепцияси мақсад ва вазифаларига эришиш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши режаланган.

Кузатувчиларга кўра, ЕОИИда ҳам, МДҲда ҳам Москванинг етакчилик роли устувор характерга эга. Ўтган ҳафта Ш. Мирзиёев Россия президенти В. Путин билан телефон орқали суҳбат чоғида ўзининг ноябрь ойида Москвага бўлажак олий даражадаги давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилган. Президентликка ҳали қайта сайланиб улгурмаган Ш. Мирзиёевнинг бу муҳокамаси жамоатчилик орасида қатор саволларни пайдо қилган.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови шу йилнинг 24 октябрига белгиланган.