Михаил Саакашвили октябрь ойи бошида Грузияга бормоқчи, расмийлар ҳибс билан таҳдид қилишмоқда

Михаил Саакашвили

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 2 октябрь куни Тбилисига учиб келишини маълум қилди. Сиёсатчи Киевдан парвоз қиладиган учоқ авиачиптаси фотонусхасини “Facebook”да эълон қилган.

Келаётган шанба куни Грузияда муниципал сайлов бўлиб ўтади, унда Тбилиси мэри ҳам сайланади. Ҳозирда шаҳар маъмуриятига иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси раиси Каха Каладзе раҳбарлик қилмоқда. Амалдаги мэрнинг рақиби эса мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” партияси номзоди Ника Мелиядир. Ушбу партияга эса Саакашвили асос солган.

Михаил Саакашвили ўз видеомурожаатида сайловдан сўнг тузилажак ҳукуматда бирон лавозимни эгаллашга талабгор эмаслигини урғулаган.

Европа кенгаши воситачилигида эришилган келишувга кўра, агар иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси партиялар рўйхати бўйича 43 фоиздан кам овоз олса, мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилиши керак.

Аммо иқтидордаги партия кейинчалик бу битимдан чиққан. Мухолифат етакчилари, жумладан Михаил Саакашвили, агарда ҳукумат натижаларни сохталаштиргани ўртага чиқса ва қайта сайлов кунини тайинламаса, тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланиб, юз минглаб тарафдорини кўчага олиб чиқишларини айтишиб, огоҳлантиришган.

Грузиянинг учинчи президенти Михаил Саакашвили Тбилиси суди томонидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, икки жиноят иши бўйича уч ва олти йилга сиртдан озодликдан маҳрум қилинган. Собиқ президентга қарши айни шу моддаларга асосан қўзғатилган яна икки жиноят иши суд инстанцияларида кўрилмоқда.

Бош вазир Ираклий Гарибашвилига кўра, Саакашвили 2 октябрь куни Грузияга келгудек бўлса, у аэропортдаёқ дарҳол ҳибсга олинади.