Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланиб, олти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили қамоқхонадан “Вивамеди” хусусий касалхонасига кўчирилди.
У касалхонага мутлақо махфий шароитда кўчирилган, касалхонада эса мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилган. Тбилиси четида жойлашган клиника кўмагидан Грузия махсус пенитенциар хизмати маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатишда мунтазам равишда фойдаланиб туради.
“Немис тўлқини” хабарига кўра, шифокорлар собиқ президент очликдан кейин бошланган қатор муаммолардан азият чекаётганини айтишмоқда. Мухолифатчилар Грузия расмийларидан Саакашвилини малакали тиббий ёрдам учун Европадаги клиникалардан бирига юборишни талаб қилишяпти.
Собиқ президент аввалроқ олти ва уч йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Айни пайтда сиёсатчига қарши яна учта иш Тбилиси шаҳар судида кўриб чиқилмоқда. Саакашвили 2021 йил 1 октябридан бери панжара ортида ўтирибди. У Грузияга қайтиши билан ҳибсга олинган.