Молдова хавфсизлик мақсадида ҳаво ҳудудини бир соатга ёпди

Кишинёв халқаро аэропорти.

Молдова 14 февраль куни таҳминан бир соатга ўз ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди. Мамлакат Фуқаролик авиацияси бошқармасининг билдиришича, бу иш хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган. Расмийлар бундан бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Озодлик радиоси молдован хизматининг ёзишича, айрим манбалар Молдова осмонида учувчисиз бошқариладиган самолётлар аниқлангани ортидан ҳаво ҳудуди ёпиб қўйилганини айтганлар. Бу хабарни тасдиқловчи расмий билдирув мавжуд эмас.

Молдова президенти Майя Санду 13 февраль куни Кишинёвда ўтган матбуот анжуманида Москва мамлакат барқарорлигини издан чиқариш режасига эга экани тўғрисида баёнот берган эди. Унга кўра, бу режани ўтган ҳафтада Украина махсус хизмати Кишенёвга тақдим этган.

Сандунинг айтишича, режага асосан Россия гўёки мухолифат кучларининг “норозилик акциялари”ни ўтказиб, давлат идораларига ҳужум қилишни ва хизматчиларни гаровга олишни режалаштирган. Санду иддаосича, бу ҳаракатлар учун Россиядан, Беларусдан, Сербия ва Черногориядан “фуқаролик кийимидаги ҳарбий тайёргарликдан ўтган диверсантлар жалб қилинади”.

Президентга кўра, Россиянинг мақсади мамлакатнинг Европага интеграциясини тўхтатиш ва Украинага қарши урушда Молдовадан фойдаланишдир.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сандунинг бу баёнотини “асоссиз ва ҳеч нарса билан далилланмаган” деб атади. Россия ТИВ Украинани вазиятни кескинлаштиришга ва Молдовани “Россияга қарши қўйишга” уринаётганликда айблади.