Молдова расман давлат тилини молдованчадан руминчага алмаштирди

Молдова президенти Майя Санду парлдаментда нутқ сўзламоқда.

Молдова президенти Майя Санду 22 март куни давлат тилини молдованчадан руминчага алмаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўтган ҳафта парламент ҳам мана шундай қарор қабул қилганди. Давлат тили номини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга февралнинг охирларида киритилган эди.

Санду Фейсбукдаги саҳифасида румин тили жамиятдаги бирликни мустаҳкамловчи ва Европа Иттифоқига интеграциялаштирувчи омил бўлиши ҳақида ёзди.

“Ўн йилликлар давомида мунтазам равишда биз Молдова Республикаси фуқаролари эканимизни, румин тилида эмас “молдован” тилида гапиришимизни таъкидлаб келганларнинг мақсади фақат битта эди: бизни бўлиб юбориш. Бизни бўлиб юбормоқчи бўлганлар лингвистика ҳақида эмас, қандай қилиб Молдовани доимий равишда миллий қарама-қаршиликда ушлаб туришни ўйлаганлар”, - деб ёзди Санду.

Қатор тилшунослар молдован тили мавжуд эмаслигини ва Молдова фуқаролари румин тилида гапиришини таъкидлайди. Бошқа тилшунослар эса румин ва молдован тиллари бир-бирига яқин бўлган тил эканини айтадилар.

СССР даврида Молдавия ССРнинг расмий тили молдован тили экани белгиланган, ёзув эса лотинчадан кирилчага ўзгартирилган. СССР парчаланиши арафасида - 1989 йилда парламент молдованчани давлат тили сифатида тасдиқлади ва ёзувни кирилдан лотинга ўтказди.

Руминия Европа Иттифоқига аъзо. Молдова эса 2022 йилдан бери иттифоқ аъзолигига номзод давлатдир. Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги, жумладан, президент Майя Санду Молдовадан ташқари Руминия фуқаролигига ҳам эга.