Москва суди мухолифатчи Илья Яшиннинг ҳибс муддатини яна 20 кунга узайтирди

Илья Яшин суд залида (архив сурати)

Москвадаги Басманний туман суди мухолифатчи Илья Яшиннинг ҳибс муддатини 26 ноябргача узайтириш ҳақида қарор чиқарди. Сиёсатчи Россия армияси тўғрисида фейк тарқатганликда айбланмоқда. Маҳкама мажлисига тингловчилар қўйилмаган.

Суд биноси олдида Яшинни дастаклаб якка пикетлар ўтказилган, полиция пикетга чиққан икки кишини тутиб кетган.

Аввалроқ Яшин ўз иши бўйича тергов якунлангани ҳамда унинг банкдаги барча ҳисобрақамлари музлатилгани ҳақида маълум қилган эди.

Яшин Россияни тарк этмаган кам сонли таниқли мухолифатчилардан биридир. У июль ойи ўрталаридан бери ҳибсда.

Сиёсатчига қарши жиноят иши YouTube’даги эфири туфайли қўзғатилган. Ўша ёйинда у россиялик ҳарбийлар томонидан Украинанинг Буча шаҳрида амалга оширилган жиноятлар ҳақида гапирган. Яшинга қўйилган айбловлар бўйича мухолифатчи 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.