Москвадаги Қизил майдонда бир кишилик пикет ўтказган қозоғистонлик жаримага тортилди

Иллюстратив сурат

Мокванинг Тверь тумани суди Қозоғистон фуқароси Владимир Чувиловга “Россия армиясини обрўсизлантириш” моддаси бўйича 50 минг ва “пикет ўтказиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича 20 минг рубль жарима солди. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумот тарқатди.

Айтилишича, Чувиловга “миграция қонунчилигини бузиш” моддаси ҳам қўйилган, аммо адвокат Л. Маннапова мижозидан бу айблов олиб ташланишига эришган, акс ҳолда, у мамлакатдан бадарға қилиниши мумкин эди.

Чувилов 19 июнь куни Қизил майдонда бир кишилик пикет ўтказаётган чоғида қўлга олинган эди.

Украина қўллаб-қувватланган ва Россиянинг босқинчилик сиёсати қораланган урушга қарши митинглар Қозоғистонда ҳам ўтказилган. Ушбу тинч акцияларнинг аксари маҳаллий маъмурият рухсатисиз бўлиб ўтган ва митингчиларни ҳибсга олиш ҳамда маъмурий жавобгарликка тортиш билан якунланган.

Апрель ойида полиция Россиянинг Украинадаги урушига қарши норозилик билдириш ва ҳарбий жиноятлар қурбонларини хотирлаш мақсадида Олмаотадаги Россия консулхонаси олдида тўпланган “Oyan, Qazaqstan” фуқаролик ҳаракати иштирокчиларини қўлга олган эди. Улар Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли қандай қатл этилганига ишора сифатида қўллари боғлиқ ҳолда асфальтга ётиб олишганди. Акция бир неча дақиқа давом этган, полиция фаолларни ҳибс қилишда куч ишлатган.

Ушбу ҳаракат аъзолари февраль ойи охирларида ҳам Россия бош консулхонаси олдига келиб, Кремлнинг Украинага нисбатан босқинчилик сиёсатига норозилик билдиришган эди. Ўшанда акция иштирокчилари ярим соат ўтар-ўтмас тутиб кетилган.

Қозоғистонда Украина ҳимояси учун ҳозирча ягона рухсат этилган митинг 6 март санасида Олмаота шаҳрида ўтказилган. Минглаб одам чиққан ушбу акцияда “Путин, Ҳаага, қамоқ!” ва “Тоқаев, жим турма!” каби хитоблар янграган.