Москвалик аёл Украина байроғи рангларидаги бош кийими ва нишони учун жазоланди

Москвалик аёл сариқ-кўк рангли бош кийим кийгани ва Украина байроғи рангларида юракча шаклли нишон таққани учун 30 минг рубль жаримага тортилган. Бу ҳақда “Сетевие свободи” юридик кўмак лойиҳаси маълумот тарқатди.

Иш материалларида айтилишича, у “жамоат жойида Украина Республикаси байроғи рангларига бўялган кийими ва нишонини намойиш этиш билан Россия Федерацияси Қуролли кучларига нисбатан яққол салбий муносабатини намойиш этган ҳамда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар эътиборини тортган”.

“ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумотига кўра, 24 февралдан бери Россияда бўлиб ўтган урушга қарши акцияларда 14 минг 980 киши ушланган.

Одамлар асосан Россия армиясини “камситишга қаратилган оммавий хатти-ҳаракатлар”га доир модда (МЖтКнинг 20.3.3-моддаси) бўйича жазоланмоқда. Унда жисмоний шахслар учун 100 минг рублгача, мансабдорларга 300 минг рублгача ва юридик шахсларга бир миллион рублгача жарима тайинлаш кўзда тутилган.