МСК раиси давомат 80 фоиздан ошганини билдирди ва “сайлов бўлиб ўтган”ини яна таъкидлади

МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев

Ўзбекистонда президент сайлови куни овоз бериш жараёнида иштирок этганлар сони 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев мамлакатдаги барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланганидан кейин ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Сайлов кодексининг 96-моддасида, агар сайловда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, у ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланганини қайд этган МСК раиси президент сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланишини урғулаган.

Аслида сайлов кеча соат 11.00 ҳолатига кўраёқ “бўлиб ўтган”ини аввалроқ МСК раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров эълон қилган эди.

Кейинроқ у МСК томонидан сайлов куни ўтказилган мониторинг натижалари баъзи сайлов участкаларида “оилавий” овоз бериш ҳолатлари қайд этилганини кўрсатаётганини эътироф этган.

“Таъкидлаш жоизки, кўрилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан ушбу салбий амалиётдан ҳали-ҳануз тўлақонли воз кеча олмаганимизни кўрсатмоқда”, деган Б. Қўчқоров.

МСК раиси овоз бериш участкалари ёпилганидан сўнг ўтказилган брифинг чоғида ўтказилган президент сайловини “халқимизнинг улкан тарихий ютуғи” деб атаб, унинг дастлабки натижалари 25 октябрь куни соат 16:00 да эълон қилинишини билдирди.

Маълумотларга кўра, президент сайловини кузатган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам овоз бериш кунига оид дастлабки хулосаларини душанба куни соат 10.00 дан бошлаб МСКда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманларида тақдим эта бошлайдилар.