Мьянма: Ҳарбий хунтага қарши курашаётганлар орасида қурбонлар сони ошиб бормоқда

Мьянмада жанглар кетаётган ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлган қочқинлар вақтинча жунглида яшашмоқда (архив сурати)

Мьянма шимолий-ғарбидаги Миндат шаҳрида (Ҳиндистон чегараси яқинида) ҳарбийлар билан тўқнашув натижасида камида беш киши ўлдирилган, ўн киши яраланган, яна беш киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда Франция халқаро радиоси Чин штати озодлик кучларини тамсил этувчи исёнчилардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

13 май куни Миндатда ҳарбий ҳолат эълон қилинган. 40 минг киши яшайдиган шаҳарда исёнчилар ҳаракати пайдо бўлган. Улар қўлбола қуроллар ёки ғанимат олинган аслаҳалар билан қуролланишган.

Ўтган шанба куни исёнчилар шаҳарга келган ҳарбийларга пистирмадан ҳужум қилишиб, бир неча юк автомобилини ёқиб юборишган. Бироқ аскарлар тўпларни ишга солишганидан кейин исёнчилар шаҳарни тарк этиб, жунгли ичига яширинишга мажбур бўлишган. Франс Пресс агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида улар тез орада қайтишни ваъда қилишган.

Аввалроқ халқаро нашрлар Мьянмадаги қаршилик ҳаракатига собиқ “гўзаллик маликаси” Хтар Хтет Хтет ҳам қўшилгани ҳақида хабар тарқатгандилар. У 2013 йили Таиландда ўтган гўзаллик кўрик-танловида Мьянмани тамсил этганди.