Наманганда суд раиси ўз ёрдамчисини калтаклади

Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Чуст тумани суди раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни калтаклаб, унга жароҳат етказди. Kun.uz нашрининг ёзишича, ҳодиса 2025 йил 18 январь куни содир бўлган.

Суд раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни ўз хизмат хонасида калтаклаган. Ёрдамчи Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Тиббий маълумотномада Яхшибоев юз соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши тан жароҳати олгани кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳодиса юз берганини тасдиқлаган ва ҳолат юзасидан Чуст тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётганини билдирган.

Муштумзўрликка доир бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди раисининг хатти-ҳаракатларига оид хабар юзасидан хизмат текшируви тайинлангани, унинг натижаси бўйича қўшимча ахборот берилишини маълум қилган.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ судьянинг бу қилмиши МЖтКнинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) билан малакаланиши мумкин. Бу моддада жарима жазоси кўзда тутилган. Аммо дахлсизлик мақомига эга судьяни тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси олинмай маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.