Наманганда хандақ қазиётган икки мардикор тупроқ остида қолиши натижасида нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Наманган шаҳрида хандақ қазиётган ёлланма ишчилар – бири Чортоқ, яна бири Наманган туманида яшаган икки киши 24 апрель куни тупроқ остида қолиб, ҳодиса жойида вафот этишган. Бу ҳақда маълум қилган Наманган вилоят прокуратураси воқеа Навоий кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйларга канализация тармоғини тортиб ўтиш учун траншея ковлаш ишлари олиб борилаётган вақтда рўй берганини билдирган.

Қайд этилишича, айни пайтда вафот этган шахсларнинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

“Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан мазкур ҳолат юзасидан 24.04.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги ташландиқ конда ноқонуний равишда олтин излаш билан шуғулланган 4 йигитни тупроқ босиб қолгани, улардан икки нафари нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.