Ўзбекистонда 9 ойда нархлар 12,2 фоизга қимматлади

Нархлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаган.

Ўзбекистонда сентябрь ойига келиб, истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,2 фоизга етди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1 фоизга ошган. Нархлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,4 фоизга ошди.

Шу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,7 фоизга ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 0,8 фоизга қимматлади.

Март ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси Марказий банк кутилмаларидан кўпроқни, ўн ярим фоизни ташкил этгани билдирилган эди. Марказий банкка кўра, бунга озиқ-овқат нархларининг 2,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарларининг эса 1,1 фоизга ошгани сабаб бўлган.

Жаҳон банки 10 апрель куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда 2022 йилда иқтисодий ўсиш 3,6 фоизгача секинлашишини башорат қилди. Банк иқтисодий ўсишнинг секинлашишига пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши, озиқ-овқат ва нефть нархларининг ошиши каби омиллар сабаб бўлишини айтган.