Коинот кемаси астероид билан тўқнашди

DART кемаси 2021 йилнинг 23 ноябрида учирилган эди.

Бу NASA ўтган йилнинг ноябрида бошлаган тажрибанинг асосий аспектларидан бири бўлди. Унга асосан Ерга хавф туғдирувчи астероидларнинг йўналишини ўзгартириш режалаштирилган.

650 килоли DART кемаси Ердан 11 миллион километр узоқликдаги диаметри 160 метр, тезлиги соатига 22 минг километр бўлган Dimorphos астероиди билан тўқнашган. Олимларнинг айтишларича, тажриба муваффақиятли якунланган. DART кемаси 2021 йилнинг ноябрида Колифорниядаги Ванденберг ҳарбий базасининг космодромидан учирилган эди.

Тажрибанинг кейинги босқичида астероиднинг бошқа йирик Didymos астероиди атрофидаги ҳаракатланиш траекторияси ўрганилади. Бир неча ой мобайнида Hubble коинот телескопи ва барча қитъалардаги ўнлаб обсерваториялар воситасида Dimorphos йўналишини Didymos орбитасига яқинлаштиришга нақадар муваффақ бўлингани ўрганилади.

Мазкур тажриба Ер билан тўқнашиш хавфи мавжуд коинот жисмлари траекториясини ўзгартириш мумкинлигини исботлашга қаратилган илк уринишдир.Тадқиқотчиларга кўра, Dimorphos Ерга хавф солган эмас. Бироқ бу каби кичкинагина астероид билан тўқнашув ҳам Ерда кўплаб одамларнинг ўлимига ва ўнлаб миллиард долларлик зарарларга сабаб бўлиши мумкин.

Олимларнинг айтишларича, яқиндагина ўтказилган тадқиқотлар динозаврлар Ер диаметри 10 километр бўлган астероид билан тўқнашгани оқибатида қирилиб кетганини кўрсатди.