NASA Зуҳро сайёрасига икки тадқиқот миссиясини йўллайди

Зуҳро сайёраси

Аэронавтика ва космик кенгликни тадқиқ этиш бўйича миллий агентлик (NASA) Зуҳро (Венера) сайёрасига унинг атмосфераси ва геологик хусусиятларини ўрганиш учун икки янги миссия жўнатишини эълон қилди.

Миссияларнинг мақсади Қуёшдан олислиги бўйича иккинчи бўлмиш бу сайёранинг ер шароитига ўхшаш кўп жиҳатлари мавжудлигига қарамай, “дўзахмонанд олам”га айланиб қолганини англашдир, деган NASAнинг янги раҳбари Билл Нельсон Агентлик ходимларига илк расмий мурожаатида.

“ДАВИНЧИ Плюс” деб аталувчи миссия Зуҳрода муқаддам океанлар ва органик ҳаёт бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун унинг тиғиз булутли атмосферасини таҳлил қилиш билан шуғулланади. Бу АҚШнинг Зуҳрони ўрганиш бўйича 1978 йилдан кейинги биринчи миссияси бўлади.

“ВЕРИТАС” номли иккинчи миссия мазкур сайёра Ерга нисбатан ўзгача тарзда ривожланганини англаш мақсадида унинг геологик тарихини ўрганади.

“Бизнинг Зуҳрога оид билимларимиз ҳайратланарли даражада кам, бинобарин янги миссиялар ушбу сайёранинг асосан карбонат ангидрид газидан иборат бўлмиш атмосферасига қайта назар ташлаш, унинг сиртини эса то ядросигача тадқиқ қилиш имконини беради. Бу миссиялар орқали Зуҳрони гўё янгидан кашф қилгандек бўламиз”, дея таъкидлаган NASA илмий ходими Том Вагнер.

2028-2030-йилларда старт олиши режаланган мазкур миссияларнинг ҳар бирини ишлаб чиқишга 500 миллион доллардан маблағ сарфланади.

Коинотни ўзлаштириш даври муқаддимасида АҚШ ва СССР Зуҳрога бир нечта космик аппарат учиришган. Чунончи, NASAнинг “Маринер-2” космик зонди сайёра атрофини айланиб илк учишни 1962 йилда амалга оширган, советларнинг “Венера-7” сайёралараро станцияси эса 1970 йилда биринчи марта Зуҳро сиртига қўнган.

1989 йилда NASA космик шаттл ёрдамида Зуҳро орбитасига “Магеллан” космик станциясини жўнатган эди.

Европа космик агентлиги ўз космик кемасини мазкур сайёра орбитасига 2006 йилда йўллаган.

Зуҳро ўлчами ва таркибига кўра Ерга ўхшаш, аммо Қуёшга унга нисбатан бир ярим баравар яқинроқ сайёрадир. Сайёрада босим ердагидан 92 карра юқори, унинг юзасидаги ўртача ҳарорат эса 460 даражадан ортиқ бўлиб, бу унда ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимолини деярли имконсиз қилиб қўйган. Бироқ, олимлар тахминича, сайёра атмосферасида 50-65 километр юқорида ҳаво таркиби ерникига бирмунча ўхшашлиги боис назарий жиҳатдан ҳаёт асари бўлиши мумкин.