НАТО бош котиби Россиянинг Беларусь ва Хитой билан ҳамкорлиги юзасидан ташвиш изҳор қилди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг

Россия билан Беларуснинг сўнгги пайтлардаги ўзаро ҳамкорлиги жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Германиянинг Welt am Sonntag ҳафтаномасига берган интервьюсида билдирган.

Столтенберг НАТОга аъзо мамлакатлар сўнгги ойларда президентлар Владимир Путин билан Александр Лукашенко ўртасида кузатилаётган тиғиз мулоқотдан “жиддий ташвиш”га тушганини қайд этган.

НАТО бош котибига кўра, айни пайтда Беларусь Россияга “тобора қарам” бўлиб бормоқда.

Столтенберг НАТО мудофаага ҳозир эканини урғулаб, Москва ва Минскни альянснинг шарқий флангида вазиятни беқарорлаштирмаслик юзасидан огоҳлантирган.

Бош котиб Россия билан Хитой ўртасидаги алоқаларда ҳам фаоллик ортиб бораётганини, улар “ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий соҳаларда тобора тиғизроқ ҳамкорлик қилаётганлари”ни урғулаган.

Столтенберг Москва ва Пекин тез-тез халқаро ташкилотларда, хусусан, БМТда хатти-ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириб олаётгани, қўшма ҳарбий машқлар ўтказаётгани, қуролланиш ва интернет устидан назорат ўрнатиш бўйича муттасил тажриба алмашаётганига эътибор қаратган.

“Бу янги ўлчам ва жиддий таҳдиддир”, дея таъкидлаган у.

Хабарларга кўра, НАТОнинг 14 июнга белгиланган саммитида “Россиянинг тажовузкор ҳаракатлари” ҳамда Хитойнинг тобора кучайиб бораётгани туфайли хавфсизлик соҳасида рўй бераётган халқаро ўзгаришлар муҳокамаларнинг муҳим мавзуларидан бири бўлади. Бўлажак саммитда АҚШ президенти Жо Байден ҳам иштирок этади. Тадбир иштирокчиларининг Беларусдаги вазиятни ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.