Навальний ўзини “қамоқдан қочишга мойил маҳкумлар” рўйхатидан ўчиришни сўради

Владимир вилоятининг Петушинск тумани суди 31 майдан эътиборан мухолифатчи Алексей Навальнийнинг 2-сонли ахлоқ тузатиш колонияси маъмуриятига қарши, унинг қочиб кетишга мойил маҳкумлар рўйхатига тиркалишига оид даъвосини кўришни бошлади.

Навальний ўз даъвосида суддан уни профилактик ҳисобдан чиқаришни сўраган. Колония вакили эса бунинг имкони йўқлигини, чунки Навальний расман 3-сонли АТКдаги қамоқ касалхонасида сақланаётганини ва у 2-сонли муассасада қайтадан ҳисобга қўйилиб, олти ой кузатувда бўлиши кераклигини маълум қилган, дея хабар берган “Медуза” нашри.

“Менга қарши яна учта жиноят иши очилди, балки ўн йил беришар — шунча муддат давомида “қочишга мойил” ҳисобланаманми?” дея савол ташлаган Навальний судда. Мухолифатчи “деворга тирмашмаган, лаҳм ковламаган, назоратчининг тўппончасини тортиб олмаган” бўлса ҳам бу рўйхатга тиркалганини қайд этган. Шунингдек, у тунги текширувларни ҳам эслаган ва илгари ҳар соатда текширган бўлишса, ҳозир бир кечада тўрт марта йўқлов қилинишини айтган.

“Мен судни ва муассаса маъмуриятини оддий бир нарсага — мени де-факто жазога тортишаётганига эътибор қаратишга чақираман. Каминани профилактик ҳисобга тиркадилар, амалда бу интизомий жазонинг бир туридир. Ижро мазмунига кўра эса бу қийноққа солишдан фарқ қилмайди. Муҳтарам судья, марҳамат қилиб, бир кечада саккиз марта “будильник” товушидан уйғонишга ҳаракат қилиб кўринг — бир ҳафтага бормай ақлдан озасиз. Ёки қўшнингиздан илтимос қилинг: ҳар тунда тўрт маҳал квартирангизга кириб, каравотингиз ёнига келсин-да, “судья фалончи, профилактик ҳисоб бўйича текширув, текширилувчи ўз жойида”, деб чиқиб кетсин”, дея таъкидлаган Навальний.

Февраль ойида Москва суди 2014 йилда чиқарилган фирибгарлик жинояти ҳақидаги ҳукм бўйича Навальнийни 2 йилу 8 ойга қамоқхонага йўллаган эди. 2017 йилда Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди мухолифатчи “Ив Роше” иши бўйича суд ҳукмининг одилона чиқарилмаганини эътироф этган ва Навальнийга товон пули тўланган. Бироқ Россия Олий суди ҳукмни қонуний деб тан олиб, уни ўзгартиришни рад қилган.

Навальний “қочишга мойил шахслар” профилактик ҳисобига у дастлаб сақланган тергов изолятори комиссияси томонидан киритилган. Мухолифатчининг ўзи бу жазо унга Россия президенти Владимир Путинга тегишлилиги тахмин қилинаётган Геленжикдаги сарой ҳақидаги суриштируви туфайли босим сифатида қўлланаётганини иддао қилади.