Навальний сафдошлари вазир Лавров ва олигарх Дерипаска алоқаларига оид суриштирув эълон қилди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг эҳтимолий қариндошлари тадбиркор Олег Дерипасканинг хусусий учоқлари, уйлари ва меҳмонхоналаридан фойдаланади. Бунинг эвазига Лавров тадбиркорнинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилади. Бу ҳақда Алексей Навальнийнинг тарафдорлари ўтказган суриштирувда айтилган.

Суриштирув Давлат думаси сайловида овоз бериш бошланишидан бир кун олдин эълон қилинган. Сайловда Лавров фамилияси “Единая Россия” рўйхатининг дастлабки бешталигига киритилган.

14 сентябрь куни “Важние истории” нашри Светлана Полякова исмли қандайдир аёлга оид суриштирувини эълон қилган: унинг оиласи 1 миллиард рубль қийматли мол-мулкка эгалик қилади. Нашр бу аёл Россия ТИВ раҳбари билан “яқин алоқада” эканини иддао қилган. Полякова “Россия ТИВда катта обрўга эга” бўлиб, вазирга алоқадор бизнес билан шуғулланган.

Шу йилнинг 1 август куни турк блогери Йўрук Ишик Эгей денгизи соҳилида, Бодрум ҳудудида “Saluzi” номли яхтани пайқагани, унинг бортида Россиянинг юқори мартабали мулозимлари, жумладан Лавров ҳам дам олганини ёзиб чиққан эди.

Навальний тарафдорлари Лавров бу яхтадан Светлана Полякова ҳамда унинг қизи билан бирга фойдаланганини иддао қилишмоқда ва бунинг исботи сифатида Полякованинг парвоз йўналишлари жадвали ҳамда қизининг ижтимоий тармоқлардаги хабар ва суратларини келтиришган. Айтилишича, бу яхта ижара ҳақини (ҳафтасига қарийб 500 минг доллар) Олег Дерипаска тўлаган.

Суриштирувда хулоса қилинишича, Лавровга расмий халқаро сафарларда нафақат Светлана Полякова ва қизи, балки Полякованинг онаси ва жияни ҳам ҳамроҳлик қилади. Навальний тарафдорлари улар Олег Дерипаскага қарашли хусусий учоқда дам олгани Европага кўп марталаб учишганини аниқлашган. Светлана Полякованинг қизи Полина эса Дерипасканинг меҳмонхоналари ва виллаларида бир неча бор дам олган.

Бунинг эвазига Лавров Дерипаскага ёрдам бериб келади, хусусан, вазир ундан халқаро санкциялар олиб ташланишига эришган, дейилган суриштирувда.

ТИВ вакили Мария Захарова Навальний тарафдорлари тайёрлаган материални “сохта суриштирув” деб атаб, бу каби лойиҳалар чет эл махсус хизматлари томонидан дастакланишини айтган. “Лавровнинг профессионаллигига энг ашаддий рақиблари ҳам шубҳа қилишмайди. Унинг обрў-эътибори мустаҳкам”, деган Захарова.