Навоий шаҳрида жойлашган “Навоий азот” акциядорлик жамиятида 11 март куни содир бўлган портлаш натижасида 1 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ФВВ портлаш чоғида нобуд бўлган ва жабрланган кишилар шахсини очиқлаган эмас.
Вазирлик қайдича, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 14:10 да “Навоий азот” заводининг 25-цехи лабораториясида газ-ҳаво аралашмаси портлаган, бунинг натижасида ёнғин келиб чиққан.
Юзага келган ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 14:20 да қуршаб олишга, соат 14:50 да эса тамоман ўчиришга муваффақ бўлишган.
ФВВ ҳодиса чоғида тан жароҳати олган фуқароларга айни пайтда малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирган.
Шунингдек, вазирлик хабарномасида ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилаётгани қўшимча қилинган.
Бу “Навоий азот”да содир бўлаётган илк портлаш эмас. Озодлик мазкур заводда 2013, 2015 ва 2020 йилларда ҳам содир бўлган портлашлар ҳақида хабар қилган.