Наврўз арафасида тўққизта вилоятда сел келиши мумкин - метеорологлар

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 18-21 март кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши туфайли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги бош директори Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мулозим қайдича, Наврўз байрами дохил келаётган тўрт кун ичида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пойариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳрида сел кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўзгидромет раҳбари кутилаётган тошқин важидан тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларни, дам олувчиларни ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирган.