26 ташкилот Назарбоевни “сохта ахборот” ҳақидаги қонунни қайта кўришга чақирди

Ratel.kz бош муҳаррири Марат Асипов (чапда) 10 май куни адвокатлари билан Алматидаги судга келди

Матбуот эркинлигини кузатувчи 26 та халқаро ташкилотдан иборат коалиция Қозоғистон ҳокимият идораларини яқинда 2 та оммавий ахборот воситасига (ОАВ) нисбатан қўлланган фуқаролик ва жиноят ишини қайта кўриш ҳамда ОАВ овозини ўчириш учун фойдаланилаётган қонунчиликни ўзгартиришга чақирди.

Айни чақириқ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), PEN International ва бошқа ОАВ кузатувчилари 18 май куни IFEX сайтида эълон қилинган қўшма хатида эълон қилинди.

IFEX бутун дунёда фикр ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш билан шуғулланадиган ташкилотилар тармоғидир.

“Биз прокуратура ва суд органларининг Ratel.kz ва бош бир қанча ОАВга қарши номутаносиб, баъзи ҳолларда ноқонуний хатти-ҳаракатлари Қозоғистон ҳуқуқий тизимини демократия амал қилиши учун сув билан ҳаводай зарур бўлган нормал танқидни бўғишга қаратилганидан хавотир изҳор қиламиз”, дейилади хатда.

Алмати полицияси 2 апрелда Ratel.kz хабарлар вебсайти ва Forbes журналининг маҳаллий нашри таҳрриятларига рейд уюштирди ҳамда иккала ОАВнинг ҳам компьютер ва ҳужжатларини мусодара қилди. Ушбу ОАВда ишлаётган бир қанча журналистларнинг уйида тинтув ҳам ўтказилди.

Айни пайтда Ratel вебсайти ва Фейсбукдаги саҳифаси тўсилганича қолмоқда.

Ушбу амаллар иш одами ва собиқ молия вазири Зейнулла Какимжановнинг даъво аризаси бўйича бошланган жиноят терговига асосланди. Собиқ вазир ушбу икки ОАВни нотўғри ахборот тарқатиб, ўзи билан ўғлининг обрўсига путур етказди, деб даъво қилмоқда.

CPJга кўра, Ratel.kz билан Forbes Kazakhstan 2016 йил майидан ва декабригача Какимжановларнинг коррупция билан боғлиқ эҳтимолий хатти-ҳаракатлари ҳақида мақолалар чоп қилган.

IFEX тармоғининг Қозоғистон бош прокурори, Олий Суди, парламенти, ахборот ва коммуникация вазирига йўлланган қўшма хатида “сохта ахборот” тарқатиш тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиш таклиф этилади. Унда айни қонунда журналистлар ва ОАВга “ҳаддан зиёд жарима” солиш кўзда тутилган ва бу ҳол танқидга “таҳдид” туғдиради, дейилади.

Мухолифлар ва инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотлари 1991 йили Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан бери ҳокимиятда ўтирган Нурсултон Назарбоев ҳурфикрлиликни бўғиш ва потенциал мухолифларининг танобини тортиб қўйиш пайига тушиб қолган, деб танқид қилиб келади.

Ўтган ойда Human Rights Watch ташкилоти Ratel.kz ва Forbes.kz иши юзасидан баёнот бериб, Қозоғистон ҳокимият идораларини “ўз ишини бажараётган журналистларни таъқиб қилиш” учун ишлатилаётган туҳмат қилиш учун жавобгарлик тўғрисидагиқонунлардан фойдаланишни тўхтатишга чақирган.