Москвада Немцов ўлдирилганига 8 йил бўлди. Унинг хотирасига бағишланган акциялар ўтмоқда

Москванинг “Катта Москворец” кўпригида саккиз йилдан бери Россия халқи Немцов хотираси учун гуллар қўйиб келади.

Россияда 2015 йилнинг 27 февралида Москвадаги Кремль яқинида ўлдириб кетилган мухолифатчи Борис Немцов хотираси ёдга олинган акциялар бўлиб ўтмоқда. Кўплаб шаҳарларда президент Владимир Путин режимига ва Украинадаги урушга қарши чиққан сиёсатчи хотирланди.

Москванинг “Катта Москворец” кўпригида саккиз йилдан бери Россия халқи Немцов хотираси учун гуллар қўйиб келади. Айнан мана шу кўприкда Немцов ўлдириб кетилган эди. Москва коммунал хизматлари ҳар йили бу ердан гуллар ва фотосуратларни чиқинди сифатида олиб кетади, Немцов хотирасини эсга олган фаоллар ҳибс қилинади. Аммо йиллар давомида бу ерга келадиган зиёратчилар сони озаймайди.

"Сота" нашрининг ёзишича, жорий йилда куч ишлатар тузилмалар ходимлари Немцов ўлдирилган жойга гуллар олиб келаётган шахсларнинг айримларигина ўтказмоқда. Лекин улардан бирортасини ушламади.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, Немцов хотираси Қозон, Перм, Екатеринбург, Барнаул ва Новосибирскда ҳам эсланди.

Борис Немцов Кремлдан бир неча юз метр масофада бўлган “Катта Москворец” кўпригида 2015 йилнинг 27 февраль тунида ўлдириб кетилган эди. Суд Немцовни ўлдирганликда Чеченистон куч ишлатар тизимларининг ходимлари доҳил бўлган беш кишини айбдор деб топган. Бироқ қотиллик буюртмачилари ҳалигача аниқланмаган.

Немцовнинг сафдошлари ва яқинлари ҳукумат органлари ўтказган терговни танқид қилган ва уларнинг кўпчилиги Немцовнинг ўлдирилишига Россия ва Чеченистон ҳукумати алоқадор эканига ишонади.