Ўзбекистон дунё Афғонистонга эътиборни сусайтирганидан ташвиш билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбедаги анжуманда. Ташқи ишлар вазириги матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбеда 13 май куни ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида халқаро ҳамжамият Афғонистондаги вазиятга эътиборни сусайтирганидан афсус билдирди.

Унга кўра, Афғонистонда вазият иқтисодий инқироз ва оғир гуманитар муаммолар ортидан мураккаблигича қолмоқда. Бу эса минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солади.

“Халқаро ҳамжамият бу мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиши ва Афғонистондаги ўта оғир ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги ҳамкорликни давом эттириш учун конкрет чора-тадбирларни тадбиқ этиши лозим деб ҳисоблаймиз”,-деди Норов.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Рамазон ойида Афғонистонга 58 вагондан иборат 4 минг тонна гуманитар ёрдам жўнатди. Гуманитар ёрдам озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечакдан иборат бўлди.

Норов ўз сўзи давомида жорий йилнинг июль ойи охирларида Тошкентда Афғонистон масаласида халқаро анжуман ўтказилишини билдирди.

Толибон ўтган йилнинг 15 августида Кобулга қирганидан сўнг жаҳонда тан олинган Афғонистон ҳукумати қулатилган эди. Бунинг оқибатида халқаро ҳамжамият Толибон тузган ҳукуматни тан олган эмас. Халқаро донорлар Афғонистонга бериладиган моддий кўмакларни музлатиб қўйган.

Ўзбекистон ҳам Толибон ҳукуматини тан олган эмас, бироқ у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмаган.