Норов Нью-Йоркда бўлиб ўтган “C5+1” йиғилишида қатнашди

Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг "C5+1"форматидаги йиғилишидан лавҳа, Нью-Йорк, 2022 йил 22 сентябри (mfa.uz фотоси)

БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида 2022 йилнинг 22 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг “C5+1”форматидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва вакиллари томонларни қизиқтирган йўналишлардаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар, минтақанинг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлаш мақсадида “C5+1” форматида савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш йўллари тўғрисида фикр алмашганлар.

“Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида “C5+1” муҳим мулоқот механизми бўлиб, унинг доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш борасида маълум ютуқларга эришилганини қайд этди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, томонлар “C5+1” доирасида юқори ва эксперт даражаларида яқин мулоқотни давом эттириш, шунингдек амалий натижаларга эришишга қаратилган аниқ чораларни кўриш бўйича келишиб олганлар.

“C5+1” гуруҳи учрашувлари 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Гуруҳнинг илк учрашуви Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.