Нукус шаҳрининг 22-кичик туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада яшаётган 18 ёшли талаба 24 ноябрь куни хонадонда ўрнатилган иситиш қозонидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси 25 ноябрда хабар берди.
Нукус Давлат педагогика институтининг талабасининг ўлими юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текшириш давомида аниқланишича, мазкур уйда яна 6 киши тунаган. Талаба ошхонада, қолган 6 киши бошқа хонада ухлаган. Бошқа хонада ухлаганлардан ҳеч бири ис газидан заҳарланмаган.
Жорий йилнинг 27 февралида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги уйлардан бирида ижарада турган 5 талаба ис газидан заҳарланиб вафот этгани Ўзбекистонда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ушбу воқеадан сўнг талабаларни хавфсиз ётоқхона билан таъминлаш масаласи ҳукумат ва парламент даражасида муҳокама қилинганди.
Талабаларни “ҳаёт учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган уйга” ижарага қўйган тошкентлик аёл эса суд томонидан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
Ўзбекистонда ҳар йилги қиш мавсумида юзлаб киши ис газидан заҳарланади. Расмий маълумотларга қараганда, 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.