NYT: Россия Украинадаги урушда тақиқланган қуроллардан кўп марталаб фойдаланган

Украиналик сапёр кассетали бомбанинг ёрилмай қолган қисмларини термоқда

Россия қўшинлари Украина шаҳар ва қишлоқларини халқаро конвенцияларда тақиқланган снарядлар билан муттасил ўққа тутмоқда. The New York Times ўзининг янги суриштирувида ана шундай хулосага келган.

Журналистлар Украинада олинган мингдан зиёд фотосуратни ўрганиб, у ерда қўлланилган икки мингдан зиёд снаряд ва бомбаларнинг турини аниқлашган – уларнинг аксарияти турар-жой мавзеларида қўллаш ман этилган нишонга аниқ урмайдиган қурол бўлиб чиқди.

Суриштирувга мувофиқ, 330 дан зиёд снаряд турар-жой биноларига тегиб ёки уларнинг ён-атрофида портлаган. 210 та ҳолатда халқаро конвенциялар билан тақиқланган қуроллар, хусусан, кассетали снарядлардан фойдаланилган. Бунақа ўқ-дорилар ҳавода портлаганида юзлаб квадрат метр майдондаги тирик жонни ўлдириши ёки ярадор қилиши мумкин.

Матнда флешеттали снарядлардан фойдаланилгани ҳам қайд этилган – бунақа снаряд портлашидан атрофга сочиладиган ўткир учли сон-саноқсиз майда металл парчалари инсон юмшоқ тўқималарига қаттиқ шикаст етказади.

Суриштирув муаллифларига кўра, Украинадаги урушда тақиқланган қуроллардан фойдаланиш кўлами сезиларли даражада катта, бироқ ҳозирда жанглар давом этмоқда ва бу далиллар йиғишни қийинлаштиради.

Аввалроқ CNN телеканали суриштирувида Россия армияси генерали Александр Журавлёв Харьковга кассетали снарядлар отишга буйруқ бергани тасдиқланган эди.

Россия илгари Сурияда ҳам кассетали бомба қўллаганликда айбланган. Россия Мудофаа вазирлиги буни рад этган, аммо 2019 йили Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда қўлланган қуроллар кўргазмасида кассетали бомбаларни ҳам намойиш қилган.

Кассетали ўқ-дорилардан фойдаланишни тақиқловчи конвенцияга Россия ҳам, Украина ҳам қўшилган эмас.