Нью-Йоркда тўфон оқибатида камида 11 киши нобуд бўлди

Нью-Йоркда

АҚШнинг Нью-Йорк ва Нью-Джерси штатларига етиб борган “Ида” тўфони камида 11 кишининг умрига зомин бўлди. Яна олти киши Луизиана ва Миссисипи штатларида нобуд бўлган. АҚШ нашрлари табиий офат қурбонлари сони янада кўпроқ бўлиши мумкинлигини ёзмоқда. Хусусан, New York Times нашри қурбонлар сони 20 нафарга етган етган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

Табиий офат туфайли Нью-Йорк ва Нью-Джерси штатларида фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган. Метронинг айрим станцияларини сув босган. Шаҳар расмийлари автотранспорт ҳаракатига чеклов (тезкор хизматлари автомобиллари бундан мустасно) жорий қилганлар. Нью-Йорк аҳолисига кўчага чиқмаслик тавсия этилган.

Ижтимоий тармоқларда тўфон ваҳшати акс этган кўплаб фото ва видеотасвирлар чоп қилинмоқда.

Аввалроқ шимолий-шарқ томон ҳаракатланган тропик бўрон Пенсильвания, Нью-Джерси ва Делавэр штатларида торнадо юзага келишига сабаб бўлган. Табиий офат натижасида юз минглаб одам электр таъминотидан узилиб қолган.

Луизиана ҳамда бошқа жанубий штатларда ҳам инфратузилмага тўфон туфайли катта зарар етгани, одамлар сувсиз ва электрсиз қолгани айтилмоқда.