Нью-Йоркдаги сайловда АҚШ фуқароси бўлмаганлар ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин

Нью-Йорк шаҳри манзараси

АҚШ фуқароси бўлмаган Нью-Йорк турғунлари маҳаллий сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бунга оид қонун лойиҳасини шаҳар кенгаши ва мэрия дастаклашга чоғланмоқда.

Мазкур ҳужжат қабул қилинган тақдирда, мэр, шаҳар кенгаши аъзолари ва бошқа мансабдор шахсларни сайлашда Америка фуқароси бўлмаган 800 мингга яқин одам иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Айни пайтда фуқаро бўлмаган шахслар аввалгидек президент ёки Конгресс аъзолари сайловида, шунингдек, штат губернатори, депутатлари ва судьяларини сайлашда иштирок эта олмаслиги айтилмоқда.

Қонун лойиҳаси шаҳар кенгашида кенг кўламли қўлловга эга бўлган. Нью-Йорк мэри Билл де Блазио унга вето қўймаслигини билдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Нью-Йоркда агломерациялар аҳолисини ҳисобга олмаганда жами 9 миллионга яқин одам яшайди. Улардан 7 миллиони овоз бериш ҳуқуқига эга.