Вазир: Ўтган йили бандлик марказларига иш сўраб келганларнинг учдан бири ишга жойлаштирилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов

Ўтган 2020 йилда Бандликка кўмаклашиш марказларига 1 миллион 96 минг нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов 25 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

Уларнинг 362 минг нафарига ишга жойлашиш бўйича кўмак берилди, 521 минг нафари вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 36 минг нафар фуқароларга деҳқончилик қилиши учун субсидиялар ажратилди, 12 минг нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия берилди”, деган вазир Н. Ҳусанов.

Мулозим ўтган йили пандемия муносабати билан турли корхоналар фаолиятини тугатишга мажбур бўлгани, бунинг ортидан фуқаролар ишсиз қолганини эътироф этган.

Матбуот анжуманида вазир янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ҳам ўзгаришини қайд этган.

Унга кўра, агар аввал ишсизлик нафақаси илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида фақат 13 ҳафта тўланган бўлса, эндиликда ишсизлик нафақаси барча тоифадаги ишсиз шахсларга 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланмоқда.

Мазкур чоралар натижасида ишсизлар иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватланади ва 80 мингга яқин ишсизга нафақа тайинланади”, деган Нозим Ҳусанов.