Ўзбек дипломатлари ташқи сиёсий фаолият янги концепцияси лойиҳасини муҳокама қилишди

Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолиятининг янги концепцияси лойиҳаси вазир А. Комилов раислигидаги ҳайъат мажлиси чоғида муҳокама қилинган

Ўзбекистонлик дипломатлар мамлакат Ташқи сиёсий фаолиятининг янги концепцияси лойиҳасини муҳокама қилишди. Мазкур масала жорий йилнинг 30 декабрида Ташқи ишлар вазирлиги Ҳайъати мажлисида кўриб чиқилган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раислик қилган мазкур мажлисда, ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари, консуллик муассасалари раҳбарлари ва Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакиллари иштирок этишган.

Мажлисда вазирлик ва дипломатик ваколатхоналарнинг жорий йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилган, 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинган.

Йиғилиш чоғида иқтисодий дипломатия масалаларига, жумладан, дипломатик миссиялар раҳбарларининг жойлардаги вазиятни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон вилоятларига амалга оширган сафарлари, савдо-иқтисодий соҳадаги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун вазирлик ва идораларида ўтказган учрашувларининг натижаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилиниши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 27 декабрь куни Тошкентда хорижий давлатларнинг янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олиш маросими чоғида эслатган эди.