Ўзбек расмийлари чоршанбадан Афғонистонга электр етказиб бериш тикланишини билдиришди

Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш 25 январдан эътиборан қайта тикланиши режалаштириляпти. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда 14 январдан ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида ИЭСларда ёқилғи танқислиги ва турли носозликлар пайдо бўлгани, шунингдек, республика истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилган.

“Ушбу форс-мажор ҳолати ҳақида Афғонистон энергетика ташкилоти огоҳлантирилган”, дейилган Энергетика вазирлиги хабарномасида.

Аввалроқ Толибон шакллантирган ҳукуматда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Ўзбекистонни икки ўртада имзоланган шартномага мувофиқ, Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришда давом этишга чақирган эди. TOLOnews хабарига кўра, Толибон расмийси бу баёнотни 22 январь куни берган.

Жорий ой бошида Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув муддатини узайтирган эди. Унга мувофиқ, расмий Тошкент қўшни давлатга қиш давомида 450 МВт электр энергияси етказиши керак.

Афғонистон пойтахти Кобул аҳолиси қаҳратон шароитида электр тақчиллигидан азият чекаётгани айтилмоқда. Ўзбекистонда ҳам фавқулодда совуқ туфайли энергетик бўҳрон юзага келган.