Ўзбек ва қозоқ расмийлари чегара демаркацияси муҳокамасини давом эттиришди

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги чегара узунлиги 2440 километр келади

Жорий йилнинг 18-24 февраль кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ва Қозоғистоннинг Туркистон вилояти чегаралари туташган участкада давлатлараро чегараси демаркациясининг якуний ҳужжатларини тайёрлаш ишларини амалга оширган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, 24 февраль куни Тошкент шаҳрида икки мамлакат ҳукумат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма демаркация комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини якунлаган.

Комиссия йиғилишида Ўзбекистоннинг Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти чегаралари туташган давлатлараро чегаранинг алоҳида участкаларида дала тадқиқот ишлари ўтказилган.

Демаркация ишлари бўйича галдаги йиғилиш шу йил март ойида Қозоғистонда ўтказилиши режаланган.

2440 километрга узанган ўзбек-қозоқ чегарасининг шу кунгача 96 фоизи аниқлаб бўлингани маълум.