Ўзбекистон: 100 минг кишига 200 та жиноят тўғри келди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024 йилда 132 минг 298 та жиноят содир этилган. Жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 199 тадан тўғри келган.

Бу рақамлар 26 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирлиги масъуллар томонидан очиқланган.

Ўтган йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилган. Қидирувдаги шахсларнинг 8736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган.

Сенат қўмитаси йиғилишида маълум қилинишича, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда. Бу турдаги жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган.

Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 мингта жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқдир.

Сенат матбуот хизмати қайдича, автомобил йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, унда жароҳатланганлар ва вафот этганлар сони бўйича 2023 йилга нисбатан камайишга эришилган бўлса-да, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат ҳали ҳам тўлиқ ва самарали ўрнатилмаган. Оқибатда ҳисобот даврида 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 8901 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2203 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Озодлик аввалроқ 2024 йилда мансаб суиистеъмоллиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар 3,61 триллион сўмга етгани, мамлакат бўйича 4906 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар қилган эди.