Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила ҳис этилди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 18 апрель оқшоми ва 19 апрель тонгида Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила ҳис этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.

Марказ қайдича, биринчи зилзила пайшанба куни Тошкент вақти билан 20:15 да содир бўлиб, эпимаркази Қирғизистонда бўлган 5,2 магнитудали бу зилзила таъсири Ўзбекистоннинг Фарғона, Наманган, Андижон ва Сирдарё (2 баллдан) вилоятлари ҳудудида ҳам сезилган.

Иккинчи ер қимирлаши эса жума куни соат 05:15 да бевосита Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида юз бериб, 3 магнитудали бу зилзила эпимаркази жануби-ғарбий йўналиш бўйича Тошкент шаҳридан 448 километр узоқликда бўлган.

Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази 18 апрель куни Тошкент вақти билан соат 16:42 да ҳам эпимаркази Афғонистонда бўлган 3,9 магнитудали зилзила рўй бергани ҳақида маълум қилган, бироқ бу зилзиланинг Ўзбекистон ҳудудида таъсири сезилиб-сезилмаганига аниқлик киритган эмас.