Ўзбекистон икки лойиҳа доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан (Japan International Cooperation Agency ёки JICA) умумий қиймати 333,4 миллион доллар миқдорида қарз олмоқчи.
Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва regulation.gov.uz порталида муҳокама учун ҳукумат қарорига мувофиқ, JICAдан “Ўзбекистонда коронавирус Covid-19 пандемиясига қарши шошилинч чоралар кўриш” лойиҳаси бўйича 15 миллиард япон йенаси, “Ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бўйича 195 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит жалб қилиш режаланган.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси шу йил 20 мартигача давом этади.
Ўзбекистонда давлат қарзи, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 23 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилгани ва ўтган йилга нисбатан қарз миқдори қарийб 31 фоизга кўпайгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Молия вазирлиги маълумотига кўра, бу республика ялпи ички маҳсулотининг 40,4 фоизини ташкил қилади.
Мазкур маблағнинг 21,1 миллиард доллари ташқи қарз бўлиб, бунинг 2 миллиарди Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан олинган.