Ўзбекистон мактаблари ва ОТМларида қишки таътил кунлари бир ҳафтага узайтирилди

Ўзбекистондаги умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларда қишки таътил кунлари 2023 йилнинг 17 январигача узайтирилади, III чорак эса 18 январдан бошланади. Бу ҳақда маълумот тарқатган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур қарор ҳукуматнинг тегишли йиғилиш баёнига асосан қабул қилинганини билдирган.

Бу орада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам ОТМларда қишки таътил муддати яна бир ҳафтага узайтирилгани, дарс машғулотлари 18 январдан бошланишини маълум қилган.

Вазирлик қайдича, мазкур қарор “Гидрометеорология хизмати маркази хабарига асосан 10 январдан бошлаб, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши даврида аҳоли ўртасида, айниқса таълим ташкилотларида мавсумий грипп касаллигининг кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида” қабул қилинган.

Аввалроқ қишки таътил 10 январгача давом этиши, дарслар 11 январдан бошланиши ҳақида хабар қилинган эди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўз хабарномасида таътил бир ҳафтага узайтирилиши муносабати билан “талаба-ўқувчиларнинг ўз таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2023 йилнинг 18 январига қадар” узайтирилганини қайд этган.

Шунингдек, вазирлик 9 январгача харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари “бепул тарзда тегишли муддатга” алмаштириб берилишини урғулаган.