Қирғизистон жанубида Тошкент дастаги билан барпо этилаётган касалхона қурилиши якунига етмоқда

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой шаҳрида Ўзбекистон томонидан молиялаштирилаётган юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши поёнига етиб боряпти. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, шифохона яқин 5-7 кун ичида фойдаланишга топширилади.

Шифохона икки корпусдан иборат бўлиб, 214 та ўринга эга. 7 декабрь куни Қадамжойдаги қурилишни Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчи Артём Новиков бориб кўрган ва қурувчилар тезкор суръатда ишлаётганини қайд этган. Шу билан бирга у қурилишда барча меъёрларга риоя қилиш ҳамда қурувчиларга зарур бўлган шароитни яратиб бериш муҳимлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистонга тез қуриладиган конструкциялардан мамлакатнинг икки ерида – Бишкек ва Қадамжойда тиббиёт муассасалари қуришда кўмаклашишга қарор қилганди. Ўзбекистон коронавирус эпидемиясига қарши кураш учун қўшни мамлакатга бир неча партия гуманитар ёрдам юкини ҳам йўллаган.