Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Харбин шаҳрида ўтаётган қишки Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати қайдича, фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзолари Дмитрий Чигирев ва Екатерина Гейниш жуфтлиги 176,43 балл жамғариб, энг яхши натижани қайд этган ва олтин медалга сазовор бўлган.
Жуфтлик КХДР ва Япония вакилларини ортда қолдирган.
Россиялик спортчилар Дмитрий Чигирев ва Екатерина Гейниш 2024 йилдан буён халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашиб келади.
Ўзбекистон терма жамоаси қишки Осиё ўйинларида 26 йиллик танаффусдан сўнг иккинчи бор олтин медалга эга чиқмоқда. Ҳозирга қадар Ўзбекистон ҳисобида ягона бўлган олтин медаль 1999 йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтган мусобақаларда Татьяна Малинина томонидан фигурали учиш мусобақаларида олинганди.
7-14 февраль кунлари Харбин шаҳрида ўтаётган IХ қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон термаси 6 спорт турида 24 нафар атлет билан иштирок этмоқда. Бу ҳам спорт тури, ҳам атлетлар сони бўйича Ўзбекистон делегацияси энг катта таркибда қатнашаётган қишки Осиё ўйинлари экани айтилмоқда.