Ўзбекистон “соф” маош даражаси энг паст мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилди

Ўзбекистон ўртача “соф” маош бўйича жаҳон рейтингида 106 та мамлакат орасида 96-ўринни эгаллади. Мазкур рўйхат Numbeo лойиҳаси томонидан тақдим этилган.

Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистонда ўртача ойлик миқдори 3 миллион 38 минг сўм ёки 278,7 АҚШ долларини ташкил этади. Бу рўйхатда акс этган МДҲ мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичдир. Дейлик, Россияда бу кўрсаткич 846 долларга, Беларусда 481 долларга, Қозоғистонда 419 долларга, Озарбайжонда эса 338 долларга тенг. Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистон, Тожикистон ёки Туркманистондаги ўртача маош даражаси рейтингда акс этган эмас.

Рейтингда ўртача “соф” маош бўйича биринчи ўринга Швейцария (5988 доллар), охирги ўринга эса Шри-Ланка (144 доллар) қўйилган.