Ўзбекистон Толибон Афғонистонига электр энергияси экспорт қилишда давом этади

Толибон шакллантирган ҳукумат таркибидаги Энергетика ва сув захиралари вазирлиги Ўзбекистон билан Афғонистонга электр энергияси узатишга оид шартномани яна бир йилга узайтирди.

TOLOnews хабарига кўра, куни кеча Ўзбекистонда бўлиб қайтган энергетика ва сув захиралари вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур Кобул ва бошқа айрим вилоятларда электрнинг йўқлиги Ўзбекистон электр станцияларидаги техник муаммолар билан боғлиқлигини билдирган.

“Биз 2023 йил учун электр энергияси импортига оид шартномани имзоладик”, деган Абдул Латиф Мансур афғонистонликларни электр энергиясини тежаб ишлатишга чақирган.

Сўнгги икки ой ичида кобулликлар ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида яшайдиганлар электр энергияси узилиши бўйича катта муаммога дуч келишган. Одамлар ўзларига кунига икки соатгина электр берилаётганидан шикоят қилишган.

Шартнома имзоланиши ортидан Ўзбекистон Афғонистонга қиш мавсумида 450 МВт электр энергияси етказиб бериш мажбуриятини зиммасига олган.

Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) миллий энергетика компанияси маълумотига кўра, 2022 йилда икки ўртада тузилган шартнома бўйича Ўзбекистон Афғонистонга 2,2 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берадиган бўлган. Шартнома қиймати йилига тахминан 100 миллион долларни ташкил этиши айтилган.