Ўзбекистон қиш мавсумида қўшимча 1,5 млрд куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича Туркманистон билан шартнома имзолаган. Бу ҳақда 13 декабрь куни Reuters агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Йилига 52 млрд куб метрга яқин газ қазиб оладиган Ўзбекистон хориждан кунига 15 миллион куб метр атрофида табиий газ импорт қилади.
“Эндиликда мамлакатда газ танқислигини қоплаш учун бу миқдорга қиш мавсумида Туркманистондан келадиган кунлик 20 миллион куб метр газ қўшилади”, деган агентлик манбаси.
Газ импортига оид мазкур шартнома 12 декабрь куни Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов томонидан имзоланган.
Ўзбекистон расмийлари ўтган ҳафта мамлакат ичкарисида кузатилаётган танқислик туфайли Хитойга газ экспорти тўхтатилгани ҳақида билдирган эдилар.