Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юк машиналари транзити осонлашди

Ўзбек-тожик чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистон ва Тожикистон юк автотранспорти ҳайдовчиларига икки мамлакат ҳудудидан расмий рахсатномасиз транзит ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга қўл қўйган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, халқаро автомобиль алоқалари тўғрисидаги битимга тиркалган тегишли баённома жорий йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи чоғида имзоланган. Ҳужжатга оид тафсилотлар 23 апрель куни Тожикистон транспорт вазирилиги томонидан ёйинланган.

Вазирлик маълумотига кўра, 2018 йилдан шу кунгача мамлакатлар ўртасида, жумладан улар ҳудуди бўйлаб транзит орқали йўловчиларни мунтазам ва номунтазам ташиш ҳамда юк ташишни амалга оширишда рухсатнома керак бўлган”. Тез орада бунга ҳожат қолмаслиги кутилмоқда. Транспорт вазирлиги вакиллари янги тартиб давлат ичидаги зарур процедуралардан ўтилганидан, шу жумладан икки мамлакат томонидан баённома ратификация қилинганидан кейин кучга киришини маълум қилишган.

Вазирлик “бу ҳолат юк етказиб бериш вақтини сезиларли даражада қисқартириш ҳамда юк бузилиши ёки унга шикаст етиши эҳтимолини камайтиришга имкон яратиши”га умид қилмоқда.

Аввалроқ тожикистонлик ҳайдовчилари сўнгги пайтларда халқаро юк ташиш учун рухсатнома олиш ўзлари учун ҳақиқий муаммога айланганидан шикоят қилишган.

Жорий йил январь ойи охирида юк машина ҳайдовчилари Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Фотеҳобод-Ойбек” назорат-ўтказиш масканидан ўтишда қийинчиликларга дуч келаётганларини билдиришган. Ўшанда улар Тожикистондан Ўзбекистонга ўтишни кутиб соатлаб кутаётганлари, шу сабабли НЎП олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлгани ҳақида маълум қилишган. Уларга кўра, муаммо Тожикистон Транспорт вазирлиги томонидан юк машиналарига чегарадан ўтиш учун берилажак рухсатнома танқислиги туфайли юзага келган.

Февраль ойига келиб Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим Душанбедаги матбуот анжуманида бу муаммодан хабари борлигини билдирган. “Бу рухсатномаларни биз босмаймиз. Бланкалар бизга қўшни мамлакатдан келади ва биз уларни кутишга мажбурмиз”, деган у.

Юк машиналари ҳайдовчилари Тожикистондан Ўзбекистонга 13 та назорат-ўтказиш маскани орқали ўта олишлари мумкин. Булар орасида “Фотеҳобод-Ойбек” НЎМ Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги асосий ўтказиш масканларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Бу орада юк ташиш рухсатномалари учун тўланадиган ҳақнинг ошиши ва рухсатнома бланкаларининг танқислиги ҳайдовчилар бош оғриғига айланган. Аввалроқ бу масала бир неча бор оммавий ахборот воситаларида кўтарилган ва расмийлар бу муаммони ҳал қилишга ваъда беришган.

Тожикистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили юк машиналари ҳайдовчиларига 80 минг чоғли рухсатнома берилган ва бунинг учун улардан камида 8 миллион доллар пул йиғилган.