Ўзбекистонда БААнинг давлат бошқарувидаги тажрибасини жорий этиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинади

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 15 июнь куни БААнинг ҳукумат делегациясини қабул қилди (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларини янада кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувда муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компанияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар ҳамда қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилган.

Учрашув якунида БААнинг давлат бошқаруви соҳасидаги, узоқ муддатли янгиланишлар дастурини шакллантириш ва инновацион тараққиёт йўлига ўтиш борасидаги илғор тажрибасини кенг жорий қилишга қаратилган қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган.