Ўзбекистонда буханка нон нархи қарийб икки баравар ошди

Жорий йилнинг 1 июнидан Тошкент дўконларида қолипли нон нархи 1600 сўмдан 2800 сўмга ошди. Газета.уз нашрининг ёзишича, пойтахтдаги айрим дўконларда буханка нон 3 минг сўмдан сотилмоқда.

Буханка нархининг ошиши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда, бунга оид суратлар тарқатилмоқда. Ана шундай фотолардан бирида “Sokma man oshirganim yoq” (ёзув муаллифининг имлоси ўзгаришсиз берилмоқда - таҳр.) деб ёзилган.

Қолипли нон нархи мазкур маҳсулотга нисбатан давлат томонидан нарх бичиш бекор қилинган 2018 йил сентябрь ойидан буён қарийб ўзгармай келаётганди. Буханкага нарх белгилаш амалиёти бекор қилинганига қарамай, ўшандан буён ҳам давлат нон нархини тутиб туриш учун субсидия ажратишда давом этиб келаётганди.