Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Ўзбекистонда “GAB Airlines” авиаширкати ташкил этилганига оид хабарни рад қилиб чиқди.
Агентлик қайдича, оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда янги “GAB Airlines” авиакомпанияси ташкил этилгани ҳамда Airbus-320 ва Airbus-330 ҳаво кемаларида парвозларни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар “ҳақиқатга тўғри келмайди”.
Хабарномада фуқаро авиациясида ҳаво кемаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси ва Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида қонун талабларига мувофиқ ҳар қандай юридик шахс “Ўзавиация” агентлигидан белгиланган тартибда ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиши шартлиги эслатилган.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ҳаво кемаси эксплуатанти сертификат олгандан кейингина авиакомпания мақомини олиш мумкин ва ҳаво кемаларида ҳаво ташувларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
“Ўзини “GAB Airlines” авиакомпанияси деб атаётган ташкилот бугунги кунга қадар “Ўзавиация” агентлигига ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиш учун ариза ва ҳаво кемасини сотиб олгани ёки ижарага (лизингга) олгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган”, дейилган Фуқаро авиацияси агентлиги хабарномасида.
Аввалроқ Instagram ижтимоий тармоғида “GAB Airlines” авиакомпанияси номидан очилган саҳифада учувчи ва стюардессалар ишга таклиф қилинишига оид эълон берилгани кузатилган эди.