Ўзбекистонда “Ҳалол” сертификатлаш тартиби жорий этилмоқда

Иллюстратив сурат

Жорий йил 1 майидан эътиборан Ўзбекистонда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (CMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан маркировка қилиш бошланади.

Вазирлар Маҳкамаси 1 февраль куни қабул қилган “Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда аниқ муддат белгиланган.

Мазкур ҳужжатга биноан, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита олти ой муддатда агентлик тизимида ташкил қилинадиган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказади. “Ҳалол” белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳаси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.

Сертификатлаш ва уларга қўйиладиган талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти томонидан қабул қилинган ва халқаро миқёсда расман тан олинган стандартларга устуворлик берилади.

Ҳукумат қарори жорий йил 2 майидан кучга кириши белгиланган.

Маҳсулотларни “Ҳалол” тамғаси билан сотиш ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли учун муҳим мезонлардан бири ўлароқ кўрилади.

Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги “ҳалол” номи билан танилган қатор емакхоналарнинг эгалари куч тизимлари ва текширувчи идораларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилишганди.

Ўзбекистоннинг дунёвийликка интилаётган ҳукумати “ҳалол” ва “ҳаром” мезонларига ҳассос масала сифатида қараётгани ҳам маълум. Бир муддат аввал блогер Ҳожиакбар Носиров Ўзбекистонда кўп сотиладиган йогурт брендларидан бирининг маҳсулотларини “ҳаром” ҳисобланиши ва мусулмонларга уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида гапириши ортидан 15 суткага қамалган эди.